ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари Оролбўйи ҳудудида университетнинг ўқув-илмий полигонини ташкил этиш, мўжаз боғ яратиб, ҳудудда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, Оролбўйи тупроқлари, ўсимликлари, сувлари, уларнинг таркиби ҳамда хусусиятларини ўрганиш мақсадида ушбу ҳудудга сафарга чиққани ҳақида маълумот берган эдик.



– Дарҳақиқат, юртимизда яшил ҳудудларнинг кўпайиши атроф-муҳит экологиясининг барқарорлигини сақлаш, таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди жамоага раҳбарлик қилаётган ЎзМУ ўқув ишлари бўйича проректори Давлатбой Джумабаев. – Халқимиз “Яхшидан боғ қолади”, “Кўчат экиб, боғ ярат”, “Бирни кессанг – ўнни эк” каби мақолларни бежизга айтмаган.
Талабалар барпо бўлажак боғ учун дарахт кўчатларини ўзлари билан олиб кетди.



Кўзларида ёшлик шижоати, куч-ғайрат акс этиб турган экспедиция аъзолари Қорақалпоғистон Давлат университетида таҳсил олаётган тенгдош-дўстлари билан ҳамкорликда Мўйноқ туманидаги Бўзатов овул фуқаролар йиғини Шағрли овули ҳудудидаги 2 гектар ерда Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув-илмий майдончасини ташкил этишни мақсад қилган.



Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу экспедиция талабалар учун ўзига хос амалиёт вазифасини ҳам ўтайди. Негаки, мазкур талабаларнинг илмий-тадқиқот ишлари предмети айнан Орол муаммоси, Оролбўйи тупроғи, ўсимликлари, сувлари, уларнинг таркиби ҳамда хусусиятларини тадқиқ этишдир.
Талабалар сафар давомида – поездда ҳам турли хил викторина ўйинлари, қувноқ шартлар, давра суҳбатлари, савол-жавоблар, мунозаралар билан вақтларини мазмунли ўтказди.
Шунингдек, экспедиция давомида амалга ошириладиган ишлар яна бир бор режалаштириб олинди, вазифалар тақсимланди.





Экспедиция иштирокчиларини Қўнғирот шахар вокзалида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Абат Данияров, Қўнғирот тумани хокими Бердах Сапаров, Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институти ректори Байрам Утемуратов, Ёшлар иттифоқи Мўйноқ туман Кенгаши раиси Абат Мамутовлар, шунингдек, таниқли санъат ва маданият вакиллари қорақалпоқ нони, холва ҳамда турли хил ширинликлар билан кутиб олди. Улар учун махсус тантанали маросим ташкил этилди. Унда нутқ сўзлаганлар бу хайрли ишга бел боғлаган талабаларни олқишлаб, ишларига муваффақиятлар тилади.



Маросимда икки қардош халқнинг миллий ашула ва рақслари ижро этилди. 
Тадбир якунлангач, талабалар Мўйноқ туманидаги меҳмонхонага кузатиб қўйилди.












Сайфулла АШИРОВ,
ЎзМУ Матбуот котиби

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari