ЗАНГИОТА ЗИЁРАТГОҲИ – ИСЛОМ ДУНЁСИНИНГ МЎТАБАР МАСКАНИ

Ўзбекистон маданий бойликлари билан жаҳонга машҳур. Унинг тарихий ёдгорликларига дунё аҳли катта қизиқиш билдиради. Биргина Тошкент вилоятининг турли ҳудудларида кўплаб зиёратгоҳлар жойлашган ва улар доим маҳаллий ташриф буюрувчилар ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум. “Масжид Али” зиёратгоҳи (Паркент тумани), “Қирққиз” зиёратгоҳи” (Пискент тумани), “Шохруҳия”  харобаси ( Оққўрғон тумани) ана шундай масканлардан. Зангиота туманида жойлашган “Зангиота” зиёратгоҳидан ҳам оадм қадами узилмайди.



Тошкент вилоятидаги XV асрга оид меъморий ёдгорлик ҳисобланган Зангиота зиёратгоҳи нафақат республикамизда, балки Ўрта Осиё халқлари орасида алоҳида аҳамиятга эга. ХII асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган Зангиота, асл исми Ойхўжа ибн Тошхўжа исмли шахс номи билан боғлиқ бўлиб, тўқ буғдойранг тусли киши бўлганлиги сабабли одамлар орасида “Занги ота” (яъни “қорачадан келган”) номи билан машҳур бўлган. Шайх Арслонбобнинг тўртинчи авлоди (эвараси) бўлган. Ўз даврида яссавия тариқати пири муршиди даражасига кўтарилган бу зот  Шош (Тошкент) шаҳрининг Самарқанд дарвоза мавзесида дунёга келган. Ул зот ўз илми, меҳнати, одамийлиги, ҳикматлилик ва ростгўйлик фазилатлари билан донг таратган бўлиб, ўз даврининг ривожига улкан ҳисса қўшган бобокалонларимиздан биридир.

Зангиота қалбини поклашга, ҳақиқат йўлини топишга чорлайди. Ул зот пиру муршид излаб,  ҳазрат Сулаймон Боқирғоний – Ҳаким отага мурид бўлади. Ҳазрат Ҳаким ота тарбиясида ул зот валийлик даражасига етишади ва руҳсат ила қадрдон Шошга қайтиб келиб, камтарона ҳаёт кечиради, ўз қишлоғида халқнинг молини боқиб чўпонлик қилади. Халқда ривоят қилинишича, Ҳазрат ҳар Наврўз байрамида катта дошқозонда «ҳалим» тайёрлаб, халққа эҳсон этар эканлар. Ушбу «ҳалим» шунчалик барокотли бўлар эканки, кўпгина касаллар ҳам тановул қилишгандан кейин Аллоҳдан шифо топар эканлар.

ХIX асрда яшаб ўтган шоир ва тарихчи Муҳаммад Ғулом Ҳазратларнинг «Ҳазихат ас-асфия» номли асарларида Ҳазрати Зангиота ҳижрий 656 йилда ( милодий 1258-1259) қазо қилганлари таъкидлаб ўтилган.

Тарихда  Зангиота  мақбарасининг бунёд этилиши ҳақида ажабтовур ривоятлар мавжуд. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур Туркистонга бориб, у ерда Хожа Аҳмад Яссавийнинг муборак қабрларини зиёрат қиладилар. Сўнг бу ерда  мақбара қуришга фармон берадилар. Лекин, нима учундир иш ҳадеганда юришавермайди. Ана шундай кунларнинг бирида Соҳибқирон туш кўради. Тушида нуроний бир зот: “ Эй Амир, мақбарани аввал Занги отага қургин, сўнг Яссавийга қурурсан” – дейди. Шундан сўнг Амир Темур Занги ота ўтган масканни зиёрат қилиб, мақбара қурилишини бошлайди. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуи кейинчалик Соҳибқироннинг набираси – улуғ олим ва арбоб Мирзо Улуғбек томонидан ниҳоясига  етказилади.

Мажмуа Зангиота, Анбар биби мақбараси, дарвозахона, мадраса, масжид, хонақоҳ-шийпон, минора ва ҳовуздан иборат. Анбар биби мақбараси, ҳовуз, шийпон ва дарвозахона алоҳида-алоҳида қилиб қурилган. Зангиота мақбараси эса мадраса ва масжид билан ёнма-ён тушган бўлиб, ҳовлига шимоли-шарқ ва шимоли-ғарбдаги дарвозалар орқали ўтилади. Минора ҳам шу ҳовлининг ўртароғига, масжид ва мақбарага яқинроқ қилиб қурилган. Мажмуадаги иншоотларга Қуръон оятлари, ҳадислар кўҳна ёзувларда битилган.

Собиқ тузум даврида деярли ҳароба ҳолига келтирилган бу ёдгорлик мажмуи сўнгги йилларда қайта тикланди. Янги қурилишлар амалга оширилди, боғ барпо этилди. Эндиликда нафақат мамлакатимиздан, балки хориждан ҳам юзлаб кишилар Зангиота мақбарасини зиёрат қилишга келмоқдалар. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов туман ҳудудида ана шундай буюк зотларнинг қадамжолари борлигини айтиб: “Бутун ислом дунёсида  маълум ва машҳур Занги ота мажмуининг кейинги йилларда  тубдан қайта таъмирланиб, гўзал ва обод зиёратгоҳга айлантирилгани  савобли ишлардан бири” эканлигини таъкидлаган эдилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 октябрдаги 322-сонли қарори асосида Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуаси ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мажмуа ҳудудида 1000 ўринли янги масжид биноси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг биноси, 40 ўринли таҳоратхона, 2 та ҳожатхона, эски ҳовуз ўрнига 2 та фаввора, 2 та миллий услубда лойиҳалаштирилган шийпон, тегишли коммуникация тармоқлари (иссиқлик, ичимлик суви, оқава-чиқинди суви, электр, алоқа, ёритиш), ер ости ўтиш йўли, автотураргоҳ, 50 ўринли 3 қаватли меҳмонхона, 70 ўринли чойхона, икки қаватли минимаркет ва бошқа ўндан ортиқ миллий ҳунармандчилик савдо дўконлари, новвойхона, замон талабига жавоб берадиган 50 ўринли деҳқон бозори, ошхона қуриб битказилди. Янги лойиҳа талабига кўра мажмуага кириш дарвозаси қайта қурилди, чегара деворлари бошқатдан тикланди. Қадимги мадраса биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Ҳовлидаги эски минора олиб ташланиб, янги масжид олдида янги, баландлиги 31 метр бўлган минора қуриб битказилди. Зангиота ва Анбарбиби мақбаралари ҳам буткул қайта таъмирланди. Мажмуадаги 5 та гумбаз қайта тикланди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу сабабли мамлакатимизнинг хар бир ҳудудида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг кўҳна қадамжоларига ташриф буюрувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда, хусусан, Зангиота мажмуасига ҳам.

ЎзМУ журналистика факультети 3 босқич талабаси Нодира Маҳмудова

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari