“Китоб – бахт ва саодат калити"

Китоб,  аввало,  ҳаётий мактаб,  маънавият манбаи.  У китобхонни ҳаёт билан таништиради,  унда ҳаётни севиш,  яшаш моҳиятини англаш ҳисларини тарбиялайди,  она Ватанга,  халқига садоқатли бўлиш туйғусини ўстиради.  Ватан тақдирига жавобгарлик ҳиссини кучайтиради,  тараққиётга,  ривожланишга хизмат қилади.  Шунинг учун мамлакатимизда китобга муҳаббат,  эътибор ҳар қачонгидан кучаймоқда.



Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Китоб – бахт ва саодат калити” мавзуида  маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда атоқли ўзбек адиби Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи янги нашри китобхонларга тақдим этилди. 

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, академиклар Тўра Мирзаев, Бахтиёр Назаров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва бошқалар юртимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат, садоқат билан яшайдиган авлодни тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилганини, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» романи мазмун-моҳияти ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилганини алоҳида таъкидлади. 
– Устоз Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» романи 1958 йилда чоп этилиб, йиллар мобайнида бир неча бор қайта нашр этилган ва миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олди,– дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси масъул котиби Тўлқин Эшбек.– 2010 йилда адиб мазкур асарини замонамиз руҳига мос ҳолда таҳрир қилиб, янги боб қўшди. Шу тариқа «Уч илдиз» романи қайта кашф қилинди. 
Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи адабиётимизда катта воқелик бўлган эди. Абдулла Қаҳҳор роман билан танишиб:  «Анча вақтдан бери мен ўзбек адабиётида момақалдироқ гулдуросини эшитмай юрган эдим.  Назаримда,  мана шу асар адабиётимизга момақалдироқдай гулдурос солиб,  чақмоқдай ялтираб кириб келяпти»,  - дея юксак баҳолаганини китобхонлар яхши билади. Айтиш жоизки, мазкур роман талабаларга китоб ўқиш, дарс тайёрлаш масъулияти ва маданиятини, ҳаётда муносиб ўрнини топиш йўлларини ўргатса, ўқитувчиларга ўз устида қандай ишлаш, ёш илм толиблари билан қай тарзда муносабатда бўлиш борасида ҳам катта сабоқ беради. 



– Романнинг "Уч илдиз" деб номланиши замирида ёшларнинг камолотга эришиши йўлида аввало учта маънавий илдиз отиши ғояси ётибди. Биринчиси, пухта билим олиш, иккинчиси, ҳақиқий инсон бўлиш ва учинчи илдиз – муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ҳар бир инсон шу тариқа бахт-иқболга эришиши мумкин,– дейди ЎзМУ Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, тарихчи олим Аброр Хидиров. – Бу роман воқеаларига айнан бизнинг университетимиз Тарих факультетида 1950-55 йилларда юз берган воқеа-ҳодисалар асос қилиб олинган. Ўйлайманки, бугунги талаба-ёшлар романни қунт билан мутолаа қилиб, аввало ана шундай маънавий илдизлар отишга ва бахтли яшашга интиладилар. 
Тадбир якунида адабиётшунос олим, адиблар талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. 

Эркин АБДУСАТТОРОВ,
ЎзМУ ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari