Абитуриент минбари

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига шу кунгача 49 нафар имтиёзга эга бўлган абитуриентлар биринчи олий таълим йўналиши сифатида ЎзМУни танлашди. Булардан 19 нафар ҳарбий имтиёзга эга бўлганлар, 12 нафари кўзи ожиз фуқаролар, 4 нафари мустақил харакатланиш қобилияти чекланган гуруҳ ногиронлари, 9 нафари харбийлар оиласи сифатида тавсияномага эга бўлганлар, 5 нафари чет тили бўйича сертификат (IELTS, CEFR) га эга бўлган фуқаролардир.

Биз уларнинг айримлари билан дилдан суҳбатлашдик. Келинг уларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишайлик!

Мирзо Улуғбек вориси.

Файзиев Рамз: Ҳар бир инсон ёшликдан келажак орзулари билан яшайди. Истиқбол режаси албатта мантиқий фикрга таяниши керак. Мен ҳам болаликдан Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмийлар вориси бўлишни орзу қилганман. Албатта орзу ўз йўлига лекин, уни амалга ошириш инсондан катта меҳнат, матонат, сабр-қаноатни талаб қилар экан. Мен ҳам қарийб 9 йилдан буён тинимсиз ўқиш, изланишдаман. Менинг тенгдошларим ўтган вақт мобайнида магистр даражасига ҳам эга бўлишди. Менга омад кулиб боқмади. Мен ҳаракатдан тўхтамадим. Математика ва физика фанлари бўйича дарсликларни деярли ёд олиб, мустақил мисол ва масалалар тузиш тажрибасига эга бўлдим. Ҳатто тушимга олийгоҳ талабаси бўлганим кириб чиқади. Лекин ўтган йиллар мобайнида мен аччиқ бўлсада керакли, ҳаётий тажриба орттирдим. Мен бундан ҳафа эмасман. Шунинг учун ҳам мен бу йил Математика факультетининг механика йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Мен бу йил албатта талаба бўламан.

Мен тарихчи бўламан

Назаров Илҳомжон, I гуруҳ ногирони: Ҳаётда инсон бир томондан сиқилса, бир томонда омади юришади. Аҳир айтишади-ку “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу”- деб. Ногирон бўлишимга қарамай, ҳар куни ҳаёлларимда, ўз ички оламимда ёруғ келажакни кўришга уринаман. Кўзим ожизлигидан ўкинган, ранжиган пайтларим ҳам кўп бўлган. Қизиқишларим олами эса мени яшашга, илм олишга, ёрқин келажак сари чорлайди. Ўзбекистон Миллий университетининг ёнгинасидаги махаллада қариндош-уруғларимиз истиқомат қилишади. Менинг ҳам болалик чоғларим шу ерда ўтган. Болалигимдан тарих фани мени ўз домига тортиб, қизиқишларимни оширган. Айниқса юртимиз тарихини ўқиганимда ўзгача ифтихорга тўламан.Дарсга шошиб кетаётган талабаларнинг қадам товушларини эшитганимда ичимдан гўёки нимадир отилиб кетарди. Бир кун мен ҳам ЎзМУнинг Тарих йўналишида ўқийман, мен ҳам шу йўллардан талаба бўлиб ўтаман деган ният анча йиллар илгари қалбимда куртак ёзганди. Мана мен ўзим орзу қилган олийгоҳга ҳужжат топширдим. Ич-ичимдан ҳурсандман. Болалигим ўтган йўллардан талаба сифатида юриш бахти насиб этишига ишонаман.

Олтин ўрнини кумуш босмайди

Эшбўриева Маҳлиё, II гуруҳ ногирони: Нима учун Ўзбекистон Миллий университетининг “Агрокимё ва агротупроқшунослик” йўналишига топширдингиз ? – деган саволга оддийгина қилиб қуйидагича жавоб бераман: “Олтин ўрнини кумуш босмайди” – деганларидек, Ўзбекистон Миллий университетининг ўзига хос ўрни, қадри, қадрияти, тарихи бор. Ушбу университет отахон университетдир. Шунинг учун айнан шу олийгоҳни танладим. Мен Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани Чим қишлоғиданман. Биласизки, қишлоқ аҳли учун она тупроқ қадрли. Шунинг учунми 2-гуруҳ ногирони бўлишимга қарамай тупроққа қизиқаман. Худо хохласа талаба бўлишимга ишонаман.

Ўзбекистонни мудофаа қиладиган ҳарбий бўламан

Исмоилов Жаҳонгирмирзо: Мен ёшликдан спортнинг Таэквондо йўналишига қизиқаман. Шунинг учун ҳар тарафлама шароити, имконияти мавжуд бўлгани ва қулайлиги учун Ўзбекистон Миллий университетига ҳужжатларимни топширдим. Мақсадим ҳарбий бўлиш ва юрт равнақига ўз ҳиссамни қўшиш. Шунинг учун ҳам ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсиясига эга бўлдим. Бунга ҳам осонлик билан эришмадим. Ўз олдингизга қўйган мақсад сари чин дилдан ҳаракат қилсангиз бутун коинот буни амалга ошириш йўлида бўлади дейишади-ку. Мен ҳаракатдан тўхтаганим йўқ ва келажакда Ўзбекистонни мудофаа қиладиган, олий маълумотли юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган мутахассис бўлишга ахд қилиб Таэквондо йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Мен албатта талаба бўлишимга ишонаман.

Тил билган-эл билади

Очилоова Севара: Мен ёшликдан рус тилида дарс берувчи ўқитувчи бўлишни орзу қиламан. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёдаги энг биринчи очилган дорилфунун бўлмиш Ўзбекистон Миллий университетининг филология ва тилларни ўқитиш: рус тили йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Мақсадим рус тилини янада мукаммал эгаллаб, ўқитувчилик касби билан бир қаторда кўплаб таржималар ҳам қилувчи синхрон таржимон бўлишни хохлардим. Ўзбенкистон Миллий университетининг рейтинги бошқа университетларга қараганда юқори, шунинг учун айнан ушбу олийгоҳни танладим. Менинг оилам ҳарбийлар оиласи бўлганлиги сабабли ҳам мен ҳарбийлар тавсиясига эга бўлганман. Бу менга катта мадад беради. Ота-онамнинг касб-у кори менинг келажагимни таъминламоқда. Мен ҳам эртанги кун учун, ёрқин истиқбол учун, мамлакат ва юрт равнақи учун керак бўлса жонимни ҳам беришга тайёр кадр бўлиш олий мақсадим.

Ота-онага муносиб фарзанд

Йўлдошхўжаев Абдурахмон: Ватан ичра кичик Ватан бу-оиладир. Гўдак шу оилада туғилади, тарбияланади, ўсади ва жамиятга қўшилади. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”- деган нақл бор. Бу бежизга айтилмаган. Мен ҳам ҳарбийлар оиласида туғилдим. Бизнинг оила Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани, Қўрғонча қишлоғида жойлашган. Ҳарбийликка қизиқиш ота касб бўлганлиги учундир балки. Шунинг учун ҳам 2019 йил 19 июнь куни ҳужжатларимни олдимда, ҳарбийлар оиласи тавсиясига эга бўлган абитуриент сифатида ЎзМУнинг психология йўналишига топширдим. Ушбу университетни танлашимнинг сабаби улуғ университет, имкониятлари кенг. Ўзим ҳам психология, тарих йўналишларига қизиқаман. Ҳудо хохласа ўқишга кирсам, албатта юрт корига ярайдиган, ота-онамга муносиб фарзанд бўлиб етишиш йўлида ҳаракат қиламан. 

 

Суҳбатдош: Сардор Жўрабоев



Қабул комиссияси
Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari